Қосимов: Ҳали имконият бор
01.01.1970
Қосимов: Ҳали имконият бор
Миржалол ҚОСИМОВ (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи):
- Аввало, ўйиндан олдинги матбуот анжуманига кела олмаганим учун узр сўрайман. Ўша куни ўзимни бир оз нохуш ҳис қилгандим. Бугун мезбонлар ғалабага эришишди ва уларни бу ютуқ билан табриклайман. Биз биринчи таймда анча яхши ўйин кўрсатдик, бироқ танаффусдан кейин шогирдларимнинг ҳаракатларида чарчоқ аломати кўзга ташланди. Натижада мезбонлар устунликни қўлга олишди ва икки бор гол киритишга муваффақ бўлишди. Бу ергача босиб ўтилган узоқ йўл ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Лекин бу Австралиянинг яхши ўйин намойиш этганини рад этмайди. Мезбонлар ғалабага лойиқ ўйин кўрсатишди.
- Фарҳод Тожиевни нима учун алмаштиришга қарор қилдингиз?
- Бу ҳужумчи майдонда ўйнаган дақиқалари давомида жуда фаол бўлди. Иккинчи бўлимда унинг ўйинида бир оз пасайиш сезилди. У кўпроқ кучини сарфлаб қўйгани боис Тожиевнинг ўрнига Солиевни майдонга туширдим.
- Энди жамоангиз қийин вазиятдан чиқиб кета оладими?
- Бунга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳали имкониятимизни тўлиқ қўлдан бой бермадик. Учинчи ўрин учун курашни давом эттириб, "плеф-офф" орқали жаҳон чемпионатига йўлланма олишга уринамиз. Афсуски, унга тўғридан-тўғри бориш имкониятини йўқотдик.
- Хайрулла Каримовнинг алмаштирилишига нима сабаб бўлди ва Ислом Тўхтахўжаев ўйин бошидан майдонга тушишга тайёрмиди?
- Каримовни жароҳат олгани учун алмаштирдим. Аслида унинг ўрнига иккинчи ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновни туширишни режалаштириб тургандим. Бироқ пенальти белгиланган ҳолатда Хайрулланинг жароҳат олиши режамни барбод қилди. Тўхтахўжаев ёш футболчи ва унга қисқа муддатда муҳитни кескин ўзгартирганда қийин бўлишини ҳисобга олдим.
- Австралиядан қайси футболчининг ўйини сизда катта таассурот қолдирди?
- Мезбонлар бугун жамоа сифатида яхши ўйин намойиш қилишди.
- Ҳакам пенальтини тўғри белгиладими?
- У ўша вазиятга яқинроқ турганди. Шунингдек, қоиданинг бузилган ёки бузилмаганлигини у ҳаммадан яхшироқ била олади. Бу борада ҳакамга эътироф билдирмоқчи эмасман.
Сервер ЖЕПАРОВ (Ўзбекистон терма жамоаси сардори):
- Бугун ижобий натижага эришиш учун жамоага нима етишмади?
- Энг асосий сабаб сифатида аниқликнинг етишмаганини кўрсатишим мумкин. Қулай имкониятлар фақат мезбонларда бўлмади. Биз ҳам бир неча бор қулай вазиятларни яратдик. Айниқса, биринчи таймни жуда яхши ўтказдик. Бироқ зарбаларни тўғри йўллашда муаммоларга дуч келдик. Шу жиҳат эвазига ўйин бой берилди.
- Пенальтига эътирозингиз борми?
- Ҳа. Ўша вазиятда Каримов рақибига нисбатан қўполлик ишлатмаганди. Лекин ҳакам нима учундир пенальти белгилашга қарор қилди. Агар ўша жарима бўлганда, беллашув 1:0 ҳисобида давом этарди ва бизда имконият сақланиб қолган бўларди.
- Терма жамоанинг жаҳон чемпионатига йўл олиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Биз учун ҳали ҳаммаси тамом бўлгани йўқ. Олдинда яна икки учрашув бор. Шунингдек, бугун ўтадиган Баҳрайн - Қатар баҳсига ҳам кўп нарса боғлиқ. Ўша беллашувдан кейин бу саволга янада аниқроқ жавоб бериш мумкин.
Беҳзод НАЗАРОВ
(Сидней, Австралия)


