Радулович: Хатоларимиз қимматга тушди
14.03.2010
Радулович: Хатоларимиз қимматга тушди
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига биринчи бўлиб “Пахтакор” устози Миодраг Радулович ташриф буюрди.
- Шогирдларимни ўйинидан қониқдим, аммо ҳисобдан эмас – дея, гап бошлади черногориялик мутахассис. Иккинчи бўлимда яхши ўйин кўрсатдик. Мағлубиятимизга ўзимиз йўл қўйган хатолар сабабчи бўлди. Худди “Ал-Шабаб”га қарши учрашувда йўл қўйган камчиликларимиз бугун ҳам такрорланди. Бу эса қимматга тушди.
- “Пахтакор” билан жами учта ўйин ўтказишга улгурдингиз. Шу ўйинлардан келиб чиқиб, жамоангизнинг Чемпионлар лигаси, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида ғолиб чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Мавсум энди бошланди. Ҳали бирон нима дейишга эрта деб ўйлайман. Тўғри, жуда кучли рақибларга қарши учта ўйинда майдонга тушдик. Бироқ, бу хулоса чиқаришга етарли эмас.
- Ҳужум чизиғида Милорад Янушга Алишер Азизов яхши тандем бўла олмаяпти…
- Ҳисобда ортда бораётганимиздан сўнг, олдинги чизиққа катта куч ташладик. Алишер ҳали ёш ва ундаги тажриба кам. Ўйлайманки, секин-аста Алишер кучайиб боради ҳамда Януш билан бир-бирларини яхши тушуниб кетишади.
- Бугун “Пахтакор” худди “Ал-Шабаб” жамоасига қарши ўйинда қўл қўйган хатолари эвазига имкониятни бой берди...
- Ҳа, тўғри айтасиз сўнгги икки учрашувимизда йўл қўйган бир хил хатоларимиз бизни мағлубият кўчиасига олиб кирди. Учрашувни бир ҳужумчи билан бошлаган бўлсак-да, жамоамизнинг ҳужумлари чоғида икки қанот ярим ҳимоячиларимиз олдинги чизиққа қўшилиб туришди. Биз асосий кучни марказга қаратгандик. Ўйлашимча, тузган тактикамиз ёмон бўлмади.
- Бугун “Пахтакор” ўзининг асосий рақобатчисига имкониятни бой берди. Бу чемпионлик масаласи ҳал бўлди деганими?
- Йўқ, ҳали ҳаммаси олдинда. Чемпионат сўнггида “Бунёдкор” бизни майдонга ташриф буюришини унутманг. Ундан ташқари, ҳали рақибимиз чемпионат давомида ҳам очко йўқотиб қўйиши мумкин.
- “Пахтакор” етакчиси Одил Аҳмедов бугун баъзи бир вазиятларда ўзини кўрсата олди холос. У жамоани ўйинини ўз қўлига ололмади?
- Мавсум энди бошланди. Одил Аҳмедов ҳали ўзини кўрсатади.
- “Ал-Шабаб” ҳам, “Бунёдкор” ҳам Сизларни қарши ҳужумда жазолади. “Пахтакор”ни қайсидир бўғинида бўшлиқ борга ўхшайди…
- Ҳисобда ортда борар экансан, футболчилар шошма-шошарликка йўл қўя бошлашади. Ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилишади. Бундан эса рақибларимиз унумли фойдаланиб қолишмоқда.
- Бугун Радулович Сколари билан биринчи бор учрашдими?
- Йўқ, бир неча йил илгари у билан “Боавишта” клубида ишлаётган пайтимда учрашгандим.
- “Пахтакор”даги ягона “мия” бу Одил Аҳмедов бўлиб қолмоқда. “Бунёдкор”да эса жамоа ўйинини қўлга оладиган футболчилар талайгина топилади. Агарда жамоа ютқазаверса, Одил Аҳмедов ҳам клубдан кетиб қолмасмикан? Бундай “мия”лар сонини кўпайтиришни иложи йўқми?
- Асқар Жадигеров сардоримизга муносиб шерик бўлиб бормоқда. Кейинги ўйинларимизда Шерзод Каримовга ҳам имконият берамиз.


