Юбилейга “Бунёдкор”нинг совғаси
10.03.2010
Юбилейга “Бунёдкор”нинг совғаси
“Ал-Вахда” - “Бунёдкор” баҳси ўзбек клубларининг Осиё Чемпионлар лигасидаги юбилей – 100-учрашуви бўлди.
Ал-Вахда (БАА) - Бунёдкор (Ўзбекистон) 1:2 (0:1)
Голлар: Денилсон 37 (0:1), Денилсон 85 (0:2), Ал-Катири 89 (1:2)
Огоҳлантиришлар: Матар 24, Ҳасанов 25, Жўраев 33, Жоао Виктор 43, Ҳайдар Аъло Али 49, Ал-Катири 88, Ал-Камоли 90+2, Нестеров 90+3
Ал-Вахда (Абу-Даби): Одил Ал-Хосани, Ёқуб Юсиф (Ҳолид Жалол 72; Ал-Катири 82), Ал-Шеххи (Аҳмад Али 59), Фернандо Байано, Матар, Мадафар, Башир Саид Ал-Ҳаммади, Андре Пинга, Ҳайдар Аъло Али, Абдулраҳим Жума, Ал-Камоли
Бунёдкор (Тошкент): Нестеров, Ғофуров, Ҳайдаров, Ривалдо, Денилсон (Мелзиддинов 90+2), Ҳасанов, Карпенко, Жўраев (Ковалёв 84), Исмоилов, Жоао Виктор, Жепаров (Кападзе 86)
Ҳакам: Абдуллоҳ Балиде Балуши (Қатар)
9 март. Абу-Даби. “Ал-Нахиан”. 4 952
Биринчи турда “Бунёдкор”нинг бошланғич таркиби қандай бўлган бўлса, бугун ҳам ўша 11 нафар футболчи илк дақиқадан тўп сурди. “Ал-Вахда”да эса Исфахондаги мағлубиятдан сўнг бош мураббий Йозеф Хикерсбергер қатор ўзгаришларга қўл урди. Жамоанинг бошланғич таркибига австриялик мутахассис бешта ўзгариш киритди. Ҳимоячи Исо Аҳмад, ярим ҳимоячилар - бразилиялик Маграо (жароҳат), Фахед Маъсуд, Ҳамис Ал-Ҳаммади ва ҳужумчи Саид Ал-Катири бу сафар дастлабки 11таликдан ўрин ололмадилар. Тилга олиб ўтилган учала ярим ҳимоячи ҳатто учрашув қайдномасига киритилмадилар, Исо Аҳмад захирада қолиб кетди ва улар ичидан фақатгина Ал-Катири 82-дақиқада майдонда пайдо бўлди. Бу бешликни бошланғич таркибда ҳимоячилар Ёқуб Юсиф ва жамоа сардори Ҳайдар Аъло Али, бразилиялик бошқа ярим ҳимоячи Андре Пинга, ўрта чизиқнинг яна бир аъзоси Абдулраҳим Жума, ҳужумчи Исмоил Матар (жароҳатдан қутилиб) алмаштиришди.
Беллашувнинг бошланиши “қалдирғочлар” шу онларда тўпни яхши назорат қилганликлари билан эсда қолди. Аммо вақт ўтгани сайин мезбонлар ўйинни тенглаштиришди. Ҳужум қилишда улар дастлаб бирин-кетин офсайдга тушишди. Лекин 12-дақиқада ҳимоячиларимиз “Ал-Вахда”нинг энг хавфли футболчиси Исмоил Матарни кўздан қочиришди. У жарима майдончамиз томон жудаям хавотирли тарзда ёриб кирганди. Бахтимизга, унинг рейди ярим йўлда муваффақиятсизликка учради. Беш дақиқа ўтиб, араблар плеймейкери Андре Пинганинг пасидан сўнг Башир Саид Ал-Ҳаммади бош билан хавфли зарба берди: тўп дарвоза устидан ўтиб кетди.
“Бунёдкор”да гол киритиш учун биринчи ҳақиқий имконият 20-дақиқада юзага келди. Ҳасанов тўпни ўз қанотидан рақиб жарима майдончасига оширди. Курашда ғолиб келган Жепаровдан тўп Денилсонга бориб тушди. Аммо ҳужумчимизнинг кучли зарбаси ноаниқ чиқди. Бундан 8 дақиқа ўтиб, қатарлик ҳакам Абдуллоҳ Балиде яққол пенальтидан “кўз юмди”. Ривалдо тўпни чиройли тарзда Жасур Ҳасановга етказди. Бу ҳужумда ўнг қанот орқали қатнашган Жасур Одил Ал-Хосани дарвозаси яқинига пас бермоқчи бўлганда, унинг зарбасидан сўнг тўп мезбонларнинг оманлик ҳимоячиси Ҳассан Мадафарнинг қўлига тегди. Аммо рефери бизга 11 метрли жарима ўрнига атиги бурчак зарбаси “туҳфа этди”.
Араб Амирликлари футболчиларининг жавоб ҳужуми яна бошимизни чайқашга олиб келди. Исмоил Матар моҳирона равишда таъқибчиларидан халос бўлиб олиб, кучли зарба йўллади. Ҳайрият-ки, Нестеров, ҳар доимгидек, ўз ўрнида. У тўпни майдон ташқарисига буриб юборди.
Танаффусгача бўлган кейинги дақиқаларда хавфли вазиятлар фақат майдон эгалари дарвозаси олдида содир этилди. Денилсон-Ривалдо-Жепаров комбинацияси Сервернинг ўткир бурчакдан берган зарбаси билан интиҳо топди: Одил Ал-Хосани тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Мантиқий равишда, тез орада “қалдирғочлар” ҳисобни очишди. Карпенко ўнг тарафдан илган тўпни Денилсон боши билан тўрга туширди. Бу вазиятда, биринчидан, “Ал-Вахда” ҳимоячилари Денилсонни ёлғиз қолдиришган эди, иккинчидан, тўпга чиқишда Ал-Хосани адашди. Бу сонияда у тўпга отилмасдан, ўз жойида турганда, тўғри бўларди. Денилсон яқинда берган интервьюсида айтганидек, катта турнирларда кам хато қилган жамоа ютади. Ал-Хосани йўл қўйган нуқсон каби хатолар эса тезда жазосини олади – 0:1.
Голдан сўнг ҳамюртларимиз яна учта имконият яратишди. Виктор Карпенко араблар жарима майдончаси тарафга зўр кириб бориб, кучли зарба берди. Бироқ тўпни рақиб посбони қайтарди. Кейинги дақиқада Жоао Виктор амалга оширган зарба мўлжалдан баланд кетди. Ҳакам 1-таймга қўшиб берган сўнгги сонияларда бурчак тўпи бажардик. Бурчак зарбасидан оширилган тўпни Анвар Ғофуров бош билан хавфли тарзда дарвозага йўллади. Бу зарба ҳам озгина баланддан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимда “Ал-Вахда” ўйинни қутқаришга тушди. Энди ташаббус буткул мезбонлар томонда бўлди. Улар майдон марказини эгаллаб олишди. Тўпни кўпроқ назорат қилишди. “Бунёдкор” эса қарши ҳужум тактикасини қўллади. Бўлим ўрталарига келиб, Жепаров тўпни Денилсонга қулай кўринишда оширди. Лекин 11-рақамдаги футболчимизнинг бош билан зарбаси мўлжалдан яна баланд кетди. Навбатдаги қарши ҳужумда Ҳасанов тўпни дарвозага бемалол ўзи йўллаши мумкин эди. Аммо у нимагадир ўзидан ноқулай вазиятдаги Денилсонга пас бермоқчи бўлди. Натижада, ҳужумимиз бесамар якун топди. Абу-Дабиликларнинг бунга жавоби хавфли бўлди. Улар узоқ пас оширишлар билан ташкил этилган ҳужумда ҳисобни тенглаштиришга жудаям яқин эдилар. Лекин Исмоил Матарнинг зарбасидан кейин олис бурчакка кириб кетаётган тўпни Игнатий Нестеров бармоқларининг учи эвазигагина майдон ташқарисига чиқариб юборишга эришди. “Ал-Вахда”нинг кейинги ҳужумида жамоа сардори Ҳайдар Аъло Али керакли тарзда пас беролмай қолди. Акс ҳолда бу вазият биз учун жудаям-жудаям аянчли тугаши ҳеч гап эмасди. Мезбонлар шундан сўнг босимни кучайтиришди. Кетма-кет хавфли вазиятлар яратишди. Башир Саид Ал-Ҳаммади жарима зарбасини қойилмақом бажарди. Ўз навбатида, Нестеров ҳам зарбани қойилмақом қилиб муштлари билан уриб юборди. Бутун жамоа бўлиб олдинга ўтиб кетганлари учун араблар 85-дақиқада қалтис зарба едилар. Ривалдо тезкор Ҳасановни олдинга “ташлади”. Аввалги шундай вазиятда зарба ўрнига Денилсонга пас бермоқчи бўлиб, яхши имкониятни йўққа чиқарган Жасур бу гал тўғри йўл тутди. У дарвозага ўзи зарба берди. Посбон тўпни қайтарди. Лекин тўп Денилсонга келиб тушди ва маҳоратли ҳужумчи унга тақдим этилган фурсатни бой бермади – 0:2.
Бу гол “Бунёдкор” мазкур баҳсда мақсадига эришганини англатарди. Аммо захирадан чиққан Саид Ал-Катири бу фикрдан йироқ экан, у 89-дақиқада ҳисобни қисқартирди. Майдон марказидан пас олган Ал-Катири, Анзур Исмоиловга вазиятни қутқариб қолишга имкон бермади. У ҳимоячимизни гавдаси билан тўсиб қўйиб, Нестеров билан бирга-бир ҳолатни мантиқий якунлади – 1:2. Ҳакам 2-бўлимга қўшиб берган беш дақиқа БАА чемпионати пешқадамининг ҳужумлари остида ўтди. Бу қийин дамларни ҳимояланишда муносиб ўтказиб, “Бунёдкор” ўзбекистонлик ишқибозларга аъло кайфият бағишлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон жамоаларининг Осиё Чемпионлар лигасидаги 100-учрашувида “қалдирғочлар” мухлисларга ғалаба туҳфа этишди. Ахир қаерда кўргансиз, биров юбилейни совғасиз қарши олганини?!


