БАА клублари: 18 учрашувда атиги бир ғалаба
09.03.2010
БАА клублари: 18 учрашувда атиги бир ғалаба
БАА – Осиё Чемпионлар лигасида тўрт жамоа билан иштирок этадиган давлатлардан бири.
Бу йилги мусобақанинг 1-турида Араб Амирликларининг тўртала вакили ёппасига мағлубиятга учрадилар. Агар 2010 йилги турнирнинг саралаш босқичларини ҳисобга олмасак (унда “Ал-Вахда” иккита ютуққа эришганди), БАА клублари Чемпионлар лигаси гуруҳ (!) босқичида ўз ҳисобларига сўнгги 18 баҳсда бор-йўғи битта ғалаба ёзишган бўлиб чиқмоқда.
Ўтган йили мусобақада қатнашган “Ал-Аҳли”, “Ал-Жазира”, “Ал-Шабаб” ва “Ал-Шаржа” клублари гуруҳ босқичида умумий ҳисобда атиги 2та ютуқ қайд этишганди. Бу муваффақиятларнинг иккаласи ҳам Дубайнинг “Ал-Шабаб”ига тегишли бўлган. Биринчиси 2-турда, иккинчиси - 5-турда қўлга киритилган. “Ал-Шаржа” 5 ва 6-турларгача турнирдан бош тортганини инобатга олсак, Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ раундидаги охирги 18 беллашувда (2009 йилги 14 ҳамда жорий мавсумдаги 4та басҳда) Араб Амирликлари жамоалари ғалаба нашидасини фақат бир марта тотишганига гувоҳ бўламиз. Бундай омадсизлик ўтган йили мамлакатнинг бирорта вакилига, табиийки, 1/8 финалга чиқиш имконини бермади.
Ўзбекистон ва БАА клублари Чемпионлар лигаси доирасида шу кунгача ўзаро жами 13 учрашув ўтказганлар. Уларнинг 7тасида ўзбекистонликлар зафар қучишган. Ҳамюртларимиз ҳисобида учтадан дуранг ва мағлубият бор. Тўплар нисбати ҳам бизнинг фойдамизга – 19-12.
Чемпионлар лигасида “Ал-Вахда” Ўзбекистон клублари билан икки марта тўқнаш келган. “Бунёдкор” ҳам БАА аъзолари билан шунча баҳсда куч синашган. 2004 йили чорак финалда Абу-Дабида “Пахтакор” меҳмон бўлган. Мазкур ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган. Жавоб учрашувида эса пахтакорчилар рақибни йирик ҳисобда доғда қолдирганлар - 4:0. Бу ўйинда ҳисобни 21-дақиқада ҳозир “қалдирғочлар” сафида тўп сураётган Анвар Солиев очганди.
“Бунёдкор” БАА жамоаларидан ўтган мавсумда “Ал-Шабаб” билан учрашди. Дубайда мезбонлар устун келишди – 2:0. Тошкентда қайд қилинган дуранг (0:0) эса “Бунёдкор”га 1/8 финалга йўлланма таъминлаганди.


