Хикерсбергер: Ўз майдонимизда олдинга боришга мажбурмиз
09.03.2010
Хикерсбергер: Ўз майдонимизда олдинга боришга мажбурмиз
“Ал-Нахиан” стадиони анжуманлар залига иккинчи бўлиб “Ал-Вахда” вакиллари киришди.
- “Бунёдкор” – кучли жамоа. Бу клубга Луиз Фелипе Сколаридек буюк мутахассис устозлик қилаётганининг ўзи катта гап. Шу сабабдан бизга эртага осон бўлмайди. Хабарингиз бор, биз 1-турда “Зоб-Ахан”га сафарда бой бердик. Навбатдаги баҳсда биз очколаримиз багажини энди албатта ҳосил қилишимиз керак, - деди ЕВРО-2008да Австрия терма жамоасига бош мураббийлик қилган, ҳозирда эса “Ал-Вахда”ни бошқараётган Йозеф Хикерсбергер.
Исо Аҳмад, мезбонларнинг 23 ёшли ҳимоячиси: - “Бунёдкор” тажрибали футболчиларга, юқори малакали мураббийга эга. Эртанги беллашув биз учун қиийн кечиши аниқ. Лекин, нима бўлишидан қатъиназар, “Ал-Вахда” ўз мухлисларини хушнуд этишга ҳаракат қилади.
- 3 март куни БАА терма жамоаси Ўзбекистонда ғалаба қозониб қайтди. Шундан келиб чиқиб, ҳозир руҳий устунлик сизнинг шогирдларингизда, деса бўладими?
Хикерсбергер: - Миллий терма жамоа - бу умуман бошқа жамоа. Эртага майдонга менинг жамоам – “Ал-Вахда” тушади. “Зоб-Ахан” билан учрашувда очко ололмадик. Демак, энди бизда ортга йўл йўқ. Очко олишимиз шарт. Шунинг учун биз “Бунёдкор”га қарши ўйинда ўз бахтимизни фақат рақиб дарвозаси олдидан қидирамиз. Боз устига, ўз майдонимизда тўп сурамиз. Ўз уйимизда ҳужумда ўйнашга мажбурмиз.
- Сколари ҳам терма жамоаларнинг учрашуви эртанги баҳсга таъсир қилмаслигини билдирди.
Хикерсбергер: - Мен ҳам унинг фикрига қўшиламан. Ахир ўша куни БАА терма жамоасида “Ал-Вахда”нинг бор-йўғи 4 футболчиси ўйнади.
- “Ал-Вахда”нинг энг ёрқин юлдузи Исмоил Матар жароҳатдан қутила олдими?
Хикерсбергер: - Бу ҳақда ҳозир мен сизга ҳеч нима айтолмайман.
- “Бунёдкор”дан қаттиқ хавфсираяпсизми?
Хикерсбергер: - Рақиб жудаям хавфли. Тез ўйнайди. Таркиби яхши шаклланган. Аммо биз уйда фақат ютуқ учун ўйнашимиз керак. Ўтган турда Эрондан ҳеч нимасиз қайтдик. Энди очко олиш вақти келди.




