Cколари: Терма жамоалар ўйини бизнинг учрашувга таъсир қилмайди
09.03.2010
Cколари: Терма жамоалар ўйини бизнинг учрашувга таъсир қилмайди
“Ал-Вахда” – “Бунёдкор” беллашувидан олдинги матбуот анжумани мезбонларнинг уй аренаси - “Ал-Нахиан” стадионида бўлиб ўтди.
Журналистлар билан учрашувга дастлаб Луиз Фелипе Сколари ҳамда жамоамиз сардори Ривалдо ташриф айладилар.
- Гуруҳимизга бир-бирига муносиб тўртта клуб жамланган, - деб бошлади гапларини бразилиялик мутахассис. – Барча рақиблар 1-ўрин учун курашиш имкониятига эгалар. Худога шукур, биз биринчи турда ғалаба қозонганмиз. Эртага ҳам ютуққа эришишимиз эҳтимоли камида 50 фоизга тенг.
Ривалдо: - Кайфиятимиз аъло даражада. Менинг ҳам ишончим комилки, бизнинг гуруҳда чиндан ҳам кучли жамоалар тўпланишган. 1-турдаги йирик ҳисобдаги ғалабадан сўнг барча жамоадошларимнинг руҳий ҳолатлари яхши кўринишда. Мен сизларга 100 фоизли ишонч билан айта оламанки, биз эртага фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз.
- Бу йилги мусобақада жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?
Ривалдо: - Ўзингиз ҳам шоҳиди бўляпсизки, дунё футболи кун сайин ривожланиб бормоқда. Кўп янгиликлар, ўзгаришлар гувоҳи бўляпмиз. Биз Чемпионлар лигасида ўтган йили бир қатор қийинчиликларга дуч келдик. Аминманки, биз янги мавсум арафасида кучая олдик. Ҳозирги “Бунёдкор” ўтган йилги “Бунёдкор”дан кучли. Бунга ишончим комил. Шу боис, бемалол айтишим мумкин, биз турнирда ғолиб чиқишликка, 2009 йилдаги ҳолат билан солиштирганда, бу йил кўпроқ тайёрмиз.
- Кимларни “Ал-Вахда”нинг энг кучли футболчилари деб ҳисоблайсиз?
Сколари: - Алоҳида бировни кўрсатмайман. Биз эътиборимизни рақибнинг бутун таркибига қаратамиз. Бизга муайян мана бу футболчи хавф туғдиради, дейишдан йироқман. Биз “Ал-Вахда”нинг барча аъзоларидан ҳимояланишимиз лозим.
- Жамоангиз мавсум арафасида узоқ муддат давомида Дубайда йиғин ўтказди. Шу жумладан, “Ал-Жазира” билан ўртоқлик учрашуви ҳам ташкил этилди. Бу вақт давомида “Ал-Вахда”ни яхши ўрганиб олгандирсиз?
Сколари: - Ҳа, мазкур йиғин бизга рақибни ўрганиш имконини берди. Биз бу қулай фурсатдан фойдалана олдик, деб ўйлайман. Мен “Ал-Вахда” ҳар томонлама кучли эканлигига иқрор бўлганман. Жамоа ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам анча фаол ўйнайди. Таркибдаги бир нечта кучли футболчилар БАА миллий терма жамоаси аъзолари саналадилар. Улар анча малакали ўйинчилар.
- Ўзбекистон чемпионати ҳали бошланмагани “Бунёдкор”га Чемпионлар лигасида ҳозир катта муаммо туғдиряптими ёки унчали сезиларли эмасми?
Сколари: - Тўғри айтдингиз, БААда чемпионат бошланганига анча бўлди. Биз эса мамлакат биринчилигидаги илк ўйинимизни 14 март куни ўтказамиз. Биз бугунгача фақат битта расмий беллашувда қатнашдик: 23 февраль куни Чемпионлар лигасида “Ал-Иттиҳод”га қарши. “Ал-Вахда” эса эртанги учрашувга кўпроқ тайёр. Биз эртага яна бир бор синовдан ўтамиз. Ўйлайманки, биз олдимизда турган вазифани адо этишга эришамиз.
- Ўтган ҳафта ўтказилган Ўзбекистон – БАА учрашуви натижасининг эртанги баҳсга таъсири йўқми? Ахир “Бунёдкор”нинг қатор футболчилари ўша куни Тошкентда БАА футболчиларидан мағлубиятга учрашди.
Сколари: - Умуман йўқ.
Ривалдо: - Ўтган чоршанба кунги ўйингача Ўзбекистон ҳам, БАА ҳам саралаш турниридаги мақсадларига эришиб бўлгандилар. Шунинг учун уларнинг баҳсини кўпроқ ўртоқлик учрашувига тенглаштирса бўларди. Аҳамияти бўлмаган мазкур беллашувдаги мағлубият “Бунёдкор”га эртанги баҳсда ҳеч қандай мушкуллик келтирмайди.
- Жамоага Денилсоннинг фойдаси қанчали бўляпти?
Ривалдо: - Денилсон бизга ҳали кўп ёрдам беради. У ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида энг яхши тўпурар бўлди. Денилсон бизга катта фойда келтиришига мен юз фоиз ишонаман.




