9 нафар футболчимиз – терма жамоада
25.02.2010
9 нафар футболчимиз – терма жамоада
Осиё кубоги-2011 саралаш турнирининг охирги турида 3 март куни Ўзбекистон терма жамоаси БААни қабул қилади.
Иккала терма жамоа учун бу баҳс ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Чунки “С” гуруҳидан Қатардаги Осиё чемпионатига бериладиган икки йўлланмани бу терма жамоалар муддатидан аввал қўлга киритишиб бўлган. Аммо Ўзбекистон – БАА беллашуви биз учун шуниси билан қизиқки, иккала миллий терма жамоа таркибида “Бунёдкор” ва “Ал-Вахда”, “Пахтакор” ва “Ал-Айн” каби Чемпионлар лигасидаги рақиблар аъзолари бор. Ушбу футболчилар учун 3 март кунги ўйин ўзаро яна бир баҳс бўлади.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги термамиз Араб Амирликлари жамоаси билан ўйинга бугундан тайёргарлик йиғинини бошлади.
Терма жамоага Қосимов 6та клубдан 23 нафар футболчини таклиф этган. “Бунёдкор”дан чақирилган футболчилар сони 9та.
Дарвозабонлар – И.Нестеров (Бунёдкор), Т.Жўраев (Пахтакор), М.Наумов (Насаф)
Ҳимоячилар – А.Ғофуров, А.Исмоилов (Бунёдкор), К.Тожиев, И.Суюнов (Пахтакор), И.Иномов, А.Филипосян (Насаф), И.Тўхтахўжаев (Нефтчи), В.Денисов (Днепр, Украина)
Ярим ҳимоячилар – С.Жепаров, Т.Кападзе, А.Ҳайдаров, В.Карпенко, Ж.Ҳасанов (Бунёдкор), О.Аҳмедов, А.Жадигеров, С.Андреев (Пахтакор)
Ҳужумчилар – А.Солиев (Бунёдкор), Ф.Тожиев, А.Гейнрих (Пахтакор), Б.Насимов (Рубин, Россия)
Аслида Миржалол Қосимовнинг дастлабки рўйхатида бир қатор ёш
футболчилар - М.Холмуҳамедов, Ф.Мусаев, З.Пиримов, С.Мамадалиевлар ҳам
бор эди. Яъни бош мураббий терма жамоанинг яқин орадаги захирасини ҳам
синовдан ўтказмоқчи бўлганди. Бироқ айнан шу пайтга келиб Ўзбекистон
олимпия термаси ҳам йиғин ташкил этгани боис, тилга олинган футболчилар
Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги олимпия термасига жалб қилиндилар.
Фақатгина Ислом Тўхтахўжаев миллий термамиз сафига йўл олди, холос. Олимпиячиларимиз 3 март куни Қатарда ушбу мамлакат олимпия термаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга чиқишади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – БАА учрашуви 3 март (чоршанба) куни “Пахтакор” марказий стадионида бўлиб ўтади. Бошланиш вақти – соат 18:00да.


