Янгиликлар

  • Давлатимиз раҳбари янги барпо этилган «Бунёдкор» спорт комплексига ташриф буюрди

  • Сана: 30.08.2012
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган «Бунёдкор»лик ишлари билан танишди.

    Мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, улкан миқёсдаги «Бунёдкор»лик ишлари, янгидан-янги саноат корхоналари, маданият ва спорт иншоотлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, савдо марказлари, турар-жойлар, йўллар барпо этиш изчил давом этмоқда. Бундай иншоотларни энг улуғ ва энг азиз айём  Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топшириш анаънага айланган. Ана шу хайрли анаънага мувофиқ истиқлолимизнинг 21 йиллик байрами олдидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, пойтахтимизда кўплаб янги иншоотлар қуриб битказилди.

     



    Давлатимиз раҳбари 29 август куни «Бунёдкор» футбол мажмуасидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби фаолияти билан танишди.

    Футболни ривожлантириш, ўзбек футболининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли спортчиларни тарбиялаш мақсадида «Бунёдкор» футбол мажмуасида болалар ва ўсмирлар футбол мактаби барпо этилди. Ушбу мактаб келажакда халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир, иқтидорли ва истиқболли футболчиларни тарбиялаш учун мўлжалланган. Бу ерда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, ўз иқтидор ва маҳоратини ошириши учун барча шароитлар яратилган.

    Мазкур мактаб ўқувчилари бошланғич, тайёрлов, такомиллашув каби уч босқичда таҳсил олади. Болаларга тажрибали, профессионал мураббийлар таълим беради.

    Мактаб мажмуаси ўқув-маъмурий корпус, ётоқхона, спорт зали, сув ҳавзаси, ошхона биноларини ўз ичига олган. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дам олиш хоналари, мажлислар зали мавжуд.

    Синф хоналари ўқув дастурлари, локал тизим ва интернетга эга компютерлар билан жиҳозланган. Ҳар бир икки ўқувчига мўлжалланган ётоқхоналарда барча шарт-шароит мавжуд.

    Мактабдаги сузиш ҳавзасини сувга тўлдириш, иситиш, филтрлаш, тўкиш тизимлари тўлиқ автоматлашган, замонавий юқори технологик ускуналар билан таъминланган. Бу ерда тиббий бўлим ҳам мавжуд.

    Президентимиз бу ерда таҳсил оладиган болалар ва ўсмирларнинг нафақат футбол бўйича маҳоратини оширишга, балки бошқа фанлар юзасидан ҳам билим ва кўникмаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди. Бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорликда ушбу мактаб учун махсус дастур тайёрлаш зарурлигини такидлади.

    Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган ушбу таълим даргоҳида яратилган кенг имкониятлар, машғулотларнинг юқори савияда, энг илғор усуллар асосида олиб борилиши ёш футболчиларнинг ўз кучи ва салоҳиятига болган ишончини ошириши, шубҳасиз.

    Президентимиз Ислом Каримов янги қурилган «Бунёдкор» стадионини бориб кўрди.

    Мамлакатимизда спортнинг барча турлари қатори футболни ривожлантириш, юксак маҳорат ва профессионал кўникмаларга эга ёш футболчиларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майда қабул қилинган Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига биноан Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилган. Бугун ушбу жамғарма томонидан болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, янги ўқув-машғулот масканлари, хусусан, суний қопламали майдонларни барпо этиш, футбол мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётир.

    Президентимизнинг 2011 йил 19 январда қабул қилинган 2011-2013 йилларда республикада футболни ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларга оид қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, юртимизда янги стадионлар барпо этилмоқда, мавжудлари реконструксия қилинмоқда, болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини замонавий спорт инвентарлари билан таъминлаш, малакали мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш ишларини янада кучайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

    Энг замонавий талаблар асосида қурилган «Бунёдкор» стадиони диёримиз бўйлаб изчил давом этаётган бунёдкорлик ишларининг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

    34 минг ўринли стадион трибуналарида томошабинлар учун мўлжалланган ўринлар пастки ва юқориги қаватларга бўлинган. Шунингдек, бу ерда ногиронлар учун мўлжалланган алоҳида сектор мавжуд.

    Давлатимиз раҳбари стадионда хавфсизликни таминлаш, томошабинлар маданияти масалалари хусусида алоҳида тўхталди.

    Биз жаҳон цвилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир ва алломаларнинг авлодларимиз, бой маданиятга, эзгу қадриятларга эга халқмиз, деди давлатимиз раҳбари. Халқимизнинг ана шундай гўзал фазилатлари мана бундай стадионларда ўтказиладиган футбол учрашувлари, турли спорт мусобақаларида ҳам намоён бўлиши керак. Ким қайси жамоа ёки футбол клубига мухлислик қилишидан қатъи назар унда ўзаро ҳурмат, юксак маданият бўлиши даркор. Бу борада Ўзбекистон футбол федерацияси, футбол клубларимиз раҳбарлари, мутахассислар футбол мухлислари ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориши лозим. Бир сўз билан айтганда, юртимизда мухлислик маданиятини ҳам энг юқори даражага кўтаришимиз даркор.

    «Бунёдкор» стадионида спортчилар ва мухлислар учун яратилган шароит ва қулайликлар энг замонавий талабларга жавоб беради. Хусусан, биринчи қаватда спортчилар, ҳакамлар, мураббийлар, футбол маъмурлари учун мўлжалланган хоналар, ошхоналар, матбуот анжуманлари зали, футбол клуби музейи мавжуд. Стадионнинг иккинчи қаватида учта ресторан, фитнес маркази барпо этилган.

    «Бунёдкор» стадионининг муҳандислик таъминотига алоҳида эътибор билан ёндашилган. 11×7,5 метр ўлчамдаги иккита видео-табло мухлисларга футбол учрашувини ҳар томонлама кўриш имкониятини беради. Ёритиш ускуналари ФИФА талабларига тўла мос келади. Бу ерга ташриф буюрган мухлисларга маълумотларни тез ва сифатли етказиш имконини берадиган замонавий аудиосистема, рекламаларни намойиш қилиш учун футбол майдони четида видеоборт мосламалари ўрнатилган. Мусобақаларни тўғридан-тўғри эфирга узатувчи теле ва радиотрансляция тизими, шарҳловчилар хонаси халқаро стандартлар даражасида.

    Ислом Каримов стадионда бир гуруҳ ёш футболчилар билан суҳбатлашди. Уларнинг орзу-интилишлари билан қизиқди, уларга ўз совғаларини тақдим этди.

    Истиқлолимиз шарофати билан бундай муҳташам иншоотларни бунёд этиш имкониятига эга бўлдик. Бу барчамизни қувонтиради, деди давлатимиз раҳбари. Энг улуғ, энг азиз айёмимиз  Мустақиллик байрами арафасида қуриб битказилган, илгари тасаввур қилишимиз ҳам қийин бўлган ушбу янги замонавий футбол мажмуи барчамиз учун, бутун халқимиз учун ажойиб байрам совғаси бўлди.

    Мустақиллигимиз берган имкониятларнинг ҳаётимиздаги ифодаси бўлган бундай кенг миқёсдаги қурилиш ишлари, спортни ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бу каби иншоотлар баркамол авлодни тарбиялаш, эл-юртимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши баробарида халқимиз буюк бунёдкорлик салоҳиятининг ҳам яққол намойишидир.

    (ЎзА, 30.08.2012)

Мавзуга оид бошқа хабарлар