Янгиликлар

  • Энг совриндор клуб - яна “Бунёдкор”

  • Сана: 25.12.2009
  • Бугун ЎФФ 2009 йил якунлари бўйича бир қатор номинациялар ғолибларини эълон қилди.

    Хабарингиз бор, “Бунёдкор” ўтган йили клублар орасида энг кўп совринга сазовор бўлган жамоага айланганди. Ушбу тенденция бу йил ҳам сақланиб қолди. Клублар орасида “Олмалиқ” ва “Пахтакор” биттадан совринга эга бўлишган эрса, “қалдирғочлар”га иккита номинацияда ғолиб чиқиш насиб этди (ўтган йили 10та совриндан 5тасини “Бунёдкор” қўлга киритганди). Ўзбекистон футбол федерацияси бу йил номинацияларни учтага қисқартириб юборганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

    Демак, 2009 йилги лауреатлар билан танишинг:
    Энг яхши ёш футболчи – Тимур Ҳакимов, Ўзбекистон (1994 й.) терма жамоаси ҳужумчиси
    Энг яхши болалар мураббийи – Алексей Евстафеев, Ўзбекистон (1994 й.) терма жамоаси
    Энг интизомли клуб / “Фэйр Плей” соврини/ - “Бунёдкор”
    Энг яхши тўпурар – Ривалдо (20та гол билан), “Бунёдкор”
    Энг яхши ҳакам – Равшан Эрматов
    Энг яхши мураббий – Игорь Шквирин (332 очко), “Олмалиқ”; 2-ўринда Виктор Кумиков (105 очко), “Насаф”; 3-ўринда Азамат Абдураимов (95 очко), “Динамо”
    Энг яхши футболчи – Одил Аҳмедов (329 очко), “Пахтакор”; 2-ўринда Ривалдо (193 очко), “Бунёдкор”; 3-ўринда Жасур Ҳасанов (86 очко), “Бунёдкор”

    Эслатиб ўтамиз, “Фэйр Плей” совринини “Бунёдкор” қаторасига иккинчи йил қўлга киритмоқда. Энг яхши тўпурар унвони эса “Бунёдкор” аъзоларига кетма-кет учинчи йил тегмоқда. Ривалдогача ушбу эътирофга 2007 йили Илҳом Мўминжонов ҳамда 2008 йили Сервер Жепаровлар эришишганди.

    Шунингдек, Равшан Эрматов ҳам ҳакамлар ичида қаторасига иккинчи йил энг яхши деб топиляпти.

    Ривалдо айни дамда Бразилияда меҳнат таътилида эканлиги боис, “Бунёдкор”нинг иккала совринини ҳам клубнинг спорт ишлари бўйича менежери Бахтиёр Бобоев қабул қилиб олди. Энди “қалдирғочлар” сардори январь бошида Тошкентга қайтиши биланоқ, энг яхши тўпурарга аталган соврин албатта ўз эгасига тантанавор тарзда топширилади.

Мавзуга оид бошқа хабарлар