Янгиликлар

  • «Бунёдкор» Тошкент Давлат Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейга ташриф буюрди

  • Сана: 02.10.2019
  • «Бунёдкор» футбол клуби баҳор фаслида бошлаган мухлисларни стадионга жалб қилиш бўйича бошлаган тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттирмоқда.

    Хабарингиз бор, март ойида жамоамиз аъзолари Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюрган эди. Куни кеча «Бунёдкор» Тошкент Давлат Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда меҳмон бўлди. Самимий руҳда ўтган учрашувда жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ўқувчиларнинг бир-биридан қизиқарли, жиддий саволларига жавоб берди.

    Жумладан, бир ўқувчи Вадим Карленовичга «миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқасизми», дея кўндаланг савол билан мурожаат қилди. Тўғридан-тўғри берилган бу савол самимий руҳда ўтаётган учрашувга янада кўтаринкилик қўшди. Бошқа бир ўқувчи эса, «Бунёдкор»нинг бугунги ҳолати билан қизиқиб, мутахассисдан клубдаги режаларини сўради. Айтиш керак, Вадим Абрамов барча саволларга батафсил жавоб берди. Бу Вадим Карленовичнинг миллий терма жамоага бош мураббий бўлганидан кейин ташриф буюрган илк билим даргоҳи бўлди.

    Тадбир якунида ҳар икки томон бир-бирига совғалар улашди. Хусусан, лицейда директори Султонов Ҳожимурод Абдуҳакимович Вадим Абрамовга миллий тўнимизни кийдирган бўлса, Вадим Карленович ўзининг ва футболчиларнинг дасхати туширилган копток ҳамда қизиқарли савол берган уч нафар ўқувчига «Бунёдкор»нинг совғаларини тақдим қилди. Қолаверса, «Бунёдкор» футбол клуби томонидан лицей ўқувчиларига жамоанинг уй учрашувларини бевосита стадионда томоша қилишлари учун бепул чипталар тақдим қилиниши ҳам келишиб олинди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар