Янгиликлар

  • Янги рекордга бир қадам

  • Сана: 12.09.2009
  • Жамоамиз сардори Ривалдо чемпионатнинг яқин ўртадаги ўйинларида “Бунёдкор”нинг яна бир рекордини янгилашга тараддуд кўрмоқда.

    “Бунёдкор”-2009 ҳисобида ҳозирча учта рекорд натижа ёзилиб турибди. Дастлаб 15-тур доирасида 29 июнь куни “Сўғдиёна” билан учрашувда покерга эришиб, Ривалдо “Бунёдкор” тарихида олий лигада бир ўйинда тўртта гол кирита олган илк футболчи бўлганди. Бунгача “қалдирғочлар” кўпи билан фақат хет-трик қайд этиша олаётганди, холос: 2007 йилги чемпионатда Илҳом Мўминжонов, 2008 йили Виктор Карпенко ва Сервер Жепаров ҳамда 2009 йили Ривалдонинг ўзи. Икки кун олдин эса бундай муваффақиятга Анвар Солиев эришди.

    “Қалдирғочлар” 19-тур беллашувида 24 август куни “Насаф”ни енгиб, МҲСК-97га тегишли бўлган ва 12 йил давомида ушланиб турган кўрсаткични янгиладилар. Яъни чемпионат бошидан буён кетма-кет ғалаба қозониш борасида ҳали ҳеч қайси жамоанинг серияси 20та учрашувдан иборат бўлмаган эди (бугунга келиб бу серия 21тага етган).

    Учинчи рекордни бразилиялик афсунгар Ривалдо ўрнатди. Бу натижа ҳам 24 август кунги “Бунёдкор” - “Насаф” (2:1) баҳсида ўринга эга бўлди. Ривалдо шу куни ўзининг жорий йилги чемпионатимиздаги 18-голини нишонлаб, 1992 йилдан бери ўтказиб келинаётган Ўзбекистон миллий биринчиликлари тарихида битта чемпионатда энг кўп гол уришга эришган узоқ хориждан бўлган футболчилар рўйхатида 1-ўринга чиқиб олди. Унгача рекорд пахтакорчи Уче Ихеруомега тегишли эди. Нигериялик ҳужумчи 2006 йилги чемпионатда рақиблар дарвозаларига 17та гол киритишга муваффақ бўлганди.

    Ривалдо “Бунёдкор”-2009нинг энди тўртинчи рекорди остонасида турибди. Гап шундаки, “қалдирғочлар” олий лигада учинчи мавсум тўп сураётган бўлсалар, бу давр мобайнида битта чемпионатда жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи номига кечаги оқшомгача Сервер Жепаров эга бўлиб турганди. У ўзининг 19та голи билан 2008 йилги чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлгани барчага яхши маълум. 9 сентябрь куни “Хоразм” дарвозасини ишғол этиб, Ривалдо ҳам бу йилги чемпионатдаги тўплари сонини 19тага етказди ва бу борада Жепаров билан тенглашиб олди. Энди навбатдаги гол Ривалдони янги рекорд соҳибига айлантиради.

    Жамоанинг олий лигадаги умумий (яъни жами сўнгги учта чемпионатдаги) тўпурарлиги учун ҳам қизғин кураш бормоқда. Жепаров, Ривалдо ва Солиевлар ўртасидаги баҳс охирги тургача кескин бориши турган гап. Қуйидаги иккинчи рўйхатни қаранг.

    “Бунёдкор”нинг Ўзбекистон олий лигасида битта чемпионатда энг кўп гол урган футболчилари:
    Жепаров - 19 (2008)
    Ривалдо - 19... (2009)
    Мўминжонов - 16 (2007)
    Солиев - 12 (2008)
    Солиев - 12... (2009)
    Вильянуэва - 10... (2009)

    “Бунёдкор”нинг Ўзбекистон олий лигасида (2007-2009 йй.) энг кўп гол урган футболчилари:
    Жепаров - 27 (2008, 2009)
    Ривалдо - 26 (2008, 2009)
    Солиев - 24 (2008, 2009)
    Карпенко - 17 (2007, 2008, 2009)
    Мўминжонов - 16 (2007)
    Вильянуэва - 16 (2008, 2009)

    “Бунёдкор” таркибида Ўзбекистон олий лигасида (2007-2009 йй.) энг кўп учрашув ўтказган футболчилар:
    Ҳасанов - 72 (2007, 2008, 2009)
    Карпенко - 62 (2007, 2008, 2009)
    Хвостунов - 59 (2007, 2008, 2009)
    Саломов - 54 (2007, 2008, 2009)
    Бугало - 51 (2007, 2008, 2009)

    Изоҳлар: 1) статистик маълумотлар 2009 йил 12 сентябрь кунги ҳолатга келтирилган; 2) И.Мўминжонов чемпионат тўпурари бўлган 2007 йили жами 21та гол киритган эди (1-даврада “Локомотив” сафида 5та ҳамда 2-даврада “Бунёдкор” таркибида 16та).

Мавзуга оид бошқа хабарлар